Мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, уларга қонунан ёндашиш, пировардида ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилиш, бу масалада айрим раҳбар ва мансабдор шахс зиммасидаги масъулиятни юракдан ҳис қилди. Айримлар эса...
Сайёр қабул. Бу сўзнинг луғатимизга кириб келганига 5-6 йил бўлди. Ўтган вақт давомида туман, вилоят ҳокимлари, барча соҳа ва сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабулларда қилинган жуда кўп мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Муддат талаб қиладиган мурожаатлар ҳам қонун доирасида ҳал қилинди.
Мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш, уларга қонунан ёндашиш, пировардида ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилиш, бу масалада айрим раҳбар ва мансабдор шахс зиммасидаги масъулиятни юракдан ҳис қилди. Айримлар эса...
Мурожаат қилувчи фуқаролар-чи? Улар ўз ҳуқуқ ва бурчларини англаган ҳолда мурожаат қилишадими? Мурожаат қилиш тартиб-тамойилларини тўлиқ англашадими?
Сайёр қабулда ўзим иштирок этгунимча, тўғриси раҳбарлар ҳақиқатдан ҳам фуқароларни мурожаатини тингламас эканда, наҳотки, оддий муаммога ечим топиш раҳбар учун қийин бўлса деган фикрим ҳам йўқ эмасди. Фуқароларни мурожаати учун вақт ажратиш, уни бир тарафга ечиш раҳбарларга шунчалик қийинми? Хуллас ана шу саволларга жавоб топиш мақсадида сайёр қабулга бордим.
Сайёр қабул бошланишига ярим соат бор. Айтилган манзилга тумонат одам йиғилган. Айримларини танийман, айримларини эса йўқ. Ўзи аслида муаммо менда ҳам бор. Лекин, бу муаммони қабул ўтказаётган раҳбарларга айтишга ғурурим йўл қўймайди. Нега дейсизми? Чунки, муаммони яқинларимнинг озгина кўмагида ҳал қилса бўлишини жуда яхши биламан.
Қабулга келган фуқароларни кузата бошладим. Келганларнинг аксарияти аёллар. Арча ёнида турган икки кишининг суҳбати эътиборимни торти:
- Тўғри тушунинг, янги қурган иморатингиз кўча юзига чиқиб кетган. Уни кадастр ҳужжат қилиб бўлмайди. Бир ҳафта олдин бошқа иморатларингизни ва томорқангизни ўлчаб, ҳужжатлаштириб бердим-ку. Янги иморатингизни катта кўча қисмига чиқиб кетган томонини бузишингиз керак. Бундан бошқа йўли йўқ.
- Нега энди мен бузарканман. Мендан кейинги иккита қўшнимнинг янгитдан қурган уйини буздиринг унда. Ана ундан кейин қурган уйимни бузиш ёки бузмаслигимни ўйлаб кўраман. Мен билмайман, ҳозир ҳокимнинг қабулига кираман. Қандай бўлмасин янги уйимни ҳам ҳужжатлаштириб берасиз. Бу сизнинг вазифангиз.
- Қўшниларингиз уй қуришдан олдин келиб биздан қаердан, қандай тартибда уй қуриш мумкинлигини сўраган. Бизнинг чизмамиз асосида қурилиш ишларини бошлаган. Сиз-чи, шундай катта иморат қураркансиз, келиб бир оғиз сўрасангиз бўларди-ку. Қуришдан аввал ўзбошимчалик қилиб, энди муаммони менга ағдарганингиз нимаси.? Аввал сиз бўйнингиздаги вазифани бажариб қўйинг. Ундан кейин мен вазифамни бажараман...
Қабулга келганлардан бири, отам онамдан сўрамай томорқамизни ярмини маҳалла раиси билан бирикиб сотиб юборган. Отам ўзи доим ичиб юрадиган “алкаш” бировларнинг пулини олиб “еб” кетадиган одам, деса, яна биров укам давлатнинг ер майдонидан фойдаланиб келяпти. Ундан фойдаланаётган ерини захирага қайтариб олишингизни сўрайман деб мурожаат қилди. Ҳар иккала мурожаатдан эса раҳбарлар ҳайрон-у лол. Нима қилсин, ҳовлисини ярмини сотган отага ёки фермерлик қилиб, оиласини боқаётган укага чора кўрсинми? Энг яхшиси, мурожаат қилиб келганларга инсоф сўрагани маъқулроқ назаримда.
Тўғриси, уларни ўз кўзим билан кўрмаганимда ёки бу гапларни ўз қулоғим билан эшитмаганимда ҳеч қачон ишонмасдим. Наҳотки, ота-оналаримиз, ака-укаларимизга бўлган меҳримиз шу даражага етиб келган бўлса. Ака-укаларнинг ўзаро муносабатини, ўртада турган аёллари бузяпти дерсиз, аммо емай едирган, гўдаклигидан катта қилган ўз отаси ҳақида мурожаат қилган аёлни қандай тушуниш мумкин?!
Ёнимда ўтирган икки кишининг суҳбатини қаранг, бу борада нима дейишга ҳам ҳайрон қоласан киши.
- Менга қара, нега энди фақат у фермер бўлиши керак. Ўша жойни биз ҳам обод қилишимиз мумкин-ку. Ҳамма нарсани бир ўзи еб ётадими. Бундай бизга ҳам берсинда.
- Гапинг тўғри, фақат бир томони борда. Ўша жойлар ўн йил қаровсиз, ажриқ босиб ётганда, ишлаш, ўша жойни обод қилиш бизнинг ҳам хаёлимизга келгани йўқ-ку. Энди фермерлик қилиб келаётган қўшнимизни у жойни обод қилиб, фойда кўргунча кўкайи кесилганини билиб туриб, келишимиз сал ғалатироқ бўлдими, дейманда.
- Нима, энди виждонинг уйғониб қолдими. Ҳеч нарса қилмайди. Раҳбарларга айтсак бўлди. У жойнинг ярмини бизга беришади. Ўзи...
Шу пайт дарвозадан шовқин-сурон билан кириб келган аёлнинг дағ-дағаси йиғилганлар қатори менинг ҳам эътиборимни торти.
- Бу давлатда ҳақиқат, адолат борми ўзи? Қийналиб, фарзандларимни рисқини қийиб, қурган уй-жойимни бузишга кимнинг ҳаққи бор. Қани ўша ҳоким. Туғилганига пушаймон қилдираман. Менинг совунимга кир ювмабди ҳали. У жойни олгунча, янги иморат қургунча қанча қийналганмиз. Иморатимиз ҳали битмасдан туриб, уни буздирадиганлар чиқиб қолибдими.
Аёлнинг сўзларини эшитиб, тўғриси унга ачиндим. Юртбошимиз ишонган раҳбарларнинг ҳатти-ҳаракатидан норизо бўлиб қалбим оғриди. Гарчи танимасам-да ўша аёл билан суҳбатлашишни дардига бироз бўлса-да малҳам бўлишни қалбимга тугиб қўйдим. Бироқ...
Аёлнинг дардини, унинг нордон сўзларини обдон тинглаган раҳбарларнинг сабрига қойил қолдим.
... Аслида бу аёлнинг ҳеч қаерда томорқаси йўқлиги, у ҳеч қандай иморат ҳам қурмаганлиги, фақатгина, кимнингдир сўзига кириб, тўғрироғи кимдандир манфаатдор бўлганлиги сабабли сайёр қабул ўтказаётган раҳбарлардан бирини обрўсизлантириш мақсадида келганлиги маълум бўлди. Аёлни ва уни “қайраб” юборган кишининг кимлиги шу ернинг ўзида маълум бўлди. Қабулдаги икки оғиз суҳбат давомида муштипар аёл нима мақсадда келганини айтди қўйди. У “ўқитиб” сайёр қабулга юборган киши кимлиги, аслида у ҳам бир ташкилотнинг раҳбари эканлиги сабабли, жуда очиқчасига ёзишга андиша қилдим.
Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш — аҳолининг давлатга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлайди. Сайёр қабулларда ёйинки бошқа кунларда ҳам фуқаролар томонидан берилган аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Бироқ, бу борада айрим фуқароларнинг мазмунсиз аризалар йўллаши, қайта-қайта, ўринсиз мурожаат қилишлари ҳеч биримизга сир эмас назаримда.
Сайёр қабулда иштирок этиб, фуқароларнинг мурожаат қилиш маданиятидан буткул бехабар эканини англадим. Тўлиқ тушунмасдан, сўраб-суриштирмасдан қилган биргина ноўрин мурожаат учун жуда кўп одамлар овора бўлишига гувоҳ бўлдим. Мурожаат қилиш, муаммоимни айтиш менинг ҳуқуқим деб билган ҳамюртларимиз ўз бурчларини ҳам тўлақонли англаб етишса мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳуқуқимизни билганчалик зиммамиздаги бурчимизни ҳам билсак ўйлайманки, барча муаммолар ўз ўзидан ҳал этилиб, ечимини кутаётган мурожаатимиз ҳал бўлади. Зеро, қилинган асоссиз мурожаат раҳбарларининг оёғига тушов бўлмасин.
Нигина ШОЕВА,
журналист