Шўрчи тумани ҳокимлиги расмий сайти

Ҳар йилги меҳнат таътили тушунчаси ва турлари

Меҳнат кодексининг 216-моддасида ҳар йилги меҳнат таътили тушунчаси ва турларига аниқ меъёрлар белгиланган.

Жумладан, ушбу моддада ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун, иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходимни ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган (вақт) давр эканлиги кўрсатилган.

Барча ходимлар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳам ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳар йилги меҳнат таътили асосий меҳнат таътили (ҳар йилги асосий энг кам ёки ҳар йилги асосий узайтирилган) ва  қўшимча таътилларга бўлинади.

Кодекснинг 217-моддасида ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этиши кўрсатилган.

Ҳар йилги меҳнат таътили - дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт давридир. Барча ходимлар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳар йилги меҳнат таътилининг турлари қуйидагилардан иборат:

асосий меҳнат таътили (ҳар йилги асосий энг кам ёки ҳар йилги асосий узайтирилган);

асосий энг кам ёки асосий узайтирилган таътил билан жамлаб ҳисобланадиган қўшимча меҳнат таътили.

Янги Меҳнат кодексида таътилларга оид киритилган янгиликлардан бири - битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун бериладиган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилидир. Яъни, эндиликда ходимга у битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади.

Ходимларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллар ижтимоий таътиллардир. Ходимлар қуйидаги ижтимоий таътилларни олиш ҳуқуқидан фойдаланади:

ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;

бола парваришлаш таътили;

ўқув таътили;

ижодий таътиллар.

Ходимларга юқорида назарда тутилган ижтимоий таътилларни бериш ходимнинг меҳнат стажига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига, иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас.

Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш имконияти назарда тутилиши ва бундай таътилнинг календарь йил давомидаги энг кўп давомийлиги белгиланиши мумкин. Ходимга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериш ва унинг давомийлиги тўғрисидаги масала ҳар бир муайян ҳолда меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра ҳал этилади. Ходимнинг унга бундай таътил берилишига розилиги иш берувчига ёзма ариза бериш орқали билдирилади. Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, улар мавжуд бўлмаганда эса меҳнат шартномасида иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра унга иш ҳақи қисман сақланадиган таътил бериши шарт бўлган ҳоллар назарда тутилиши мумкин.

Иш ҳақи сақланмайдиган таътил деганда - ходимнинг иш ўрни (лавозими) сақланиб қолган ҳолда ҳақ тўланмайдиган таътил тушунилади. Ходимнинг ёзма аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин бўлиб, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у иш ҳақи сақланмайдиган охирги таътил берилган кундан эътиборан календарь йил давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда уч ойдан ошмаслиги керак. Агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, карантин чоралари амалга оширилаётган, фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда ва бутун аҳолининг ёки унинг бир қисмининг ҳаётига ёхуд нормал яшаш шароитларига таҳдид солувчи бошқа ҳолларда ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг узлуксиз ёки жамланган давомийлиги кўпайтирилиши, бироқ кўпи билан олти ойгача кўпайтирилиши мумкин.

И.Маматқулов

Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси

молия-иқтисод шўбаси бошлиғи

Фойдали ҳаволалар