Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида мамлакатни сотсиал-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаш ва амалга ошириш учун зарур бўлган ишончли ва холис ахборотни олишдан иборатдир.
Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чораларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, мамлакатнинг демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш;
шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш;
аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш;
ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш.