Уруш тегирмонидан омон чиқиб, салкам бир асрга тенг умр кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Сурхондарё вилояти Шўрчи туманининг «Оқтумшуқ» маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмонберди Мирзараҳимов ана шундай инсонлардан бири.
Раҳмонберди бобога эҳтиром кўрсатиб, унинг хонадонида меҳмон бўлганлар 98 ёшли уруш фахрийсининг тетиклигидан ҳайратланган бўлса, ажаб эмас.
– Билагим энди кучга тўлаётган пайтда тақдир мени кўп синовларга дуч қилди, – дейди Раҳмонберди бобо. – Ўн саккиз ёшимда урушга олиб кетишган. Жанг майдонларида кўплаб яқинларимдан, дўстларимдан айрилдим. Эҳ-ҳе ўша мудҳиш йилларда мен каби миллионлаб ёшлар, қирчиллама йигитлар фронт азобини тортди. Ҳали ҳам урушни эсласам, этим жунжикади.
Албатта, яхши замон, тинч ватан, тўкин дастурхон инсонни яшартиради. Истиқлол кексаларга бахтли яшаш саодатини берди, анъаналаримизни қайтарди.
– Фронтга кузатаётган яқинларимнинг юзидаги изтиробни жуда яхши эслайман – дейди иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Раҳмонберди Мирзараҳимов. – Ўша вақтларда тинч, фаровон, роҳат-фароғатда яшайдиган кунлар келишини орзиқиб кутганмиз. Шукр, бугунгидек тинч, осуда, фаровон ҳаётга етдик.
Боболаримиздан Ватанни севиш, ҳар бир қарич тупроғини азиз ва муқаддас билиб, ардоқлаб яшашни ўрганамиз. Фаровон турмушимизда шўрчилик мард ва жасур Раҳмонберди Мирзараҳимов муносиб ҳиссаси бор.
Нигина Шоева
журналист