Зулфия Даминова Шўрчи туманидаги “Ёшғайрат” маҳалласида яшайди. Унинг оилавий аҳволи маҳалладаги тегишли масъуллар томонидан ўрганилди. Тикувчиликка қизиққанлиги боис, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув марказида тикувчилик сир-асрорларини ўрганди.
Шўрчи туман ҳокимлигида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ва туман ҳокимлиги томонидан Зулфия Даминова сингари 77 нафар хотин-қизга субсидия асосида тикув машиналари топширилди.
– Тикувчиликка жуда қизиққаним боис маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига субсидия асосида тикув машинаси олиш мақсадида ариза топширган эдим, – дейди Ойсара Хожимуродова. – Уч ой давомида ҳунар ўргандим. Бугун эса мутасаддилар томонидан менга субсидия асосида тикувчилик машинаси топширилди. Энди мен ҳам тикувчилик орқасидан оиламга моддий наф келтираман. Бундан жуда хурсандман.
Йил якунига қадар Шўрчи туманида ижтимоий дафтарларга киритилган хотин-қизларга белгиланган тартибда субсидия асосида тикув машиналари бериш давом этади.