СУБСИДИЯ АСОСИДА ТУМАНИМИЗДАГИ 106 НАФАР АЁЛЛАРГА ЗАМОНАВИЙ ТИКУВ МАШИНАСИ БЕРИЛДИ
Зулфия Даминова Шўрчи туманидаги “Ёшғайрат” маҳалласида яшайди. Унинг оилавий аҳволи маҳалладаги тегишли масъуллар томонидан ўрганилди. Тикувчиликка қизиққанлиги боис, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув марказида тикувчилик сир-асрорларини ўрганди.
Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ва туман ҳокимлиги томонидан Зулфия Даминова сингари 106 нафар хотин-қизларга субсидия асосида тикув машиналари топширилди.
– Тикувчиликка қизиққанлигим боис маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига субсидия асосида тикув машинаси олиш мақсадида ариза топширган эдим, – дейди Ойсара Хожимуродова. – Уч ой давомида ҳунар ўргандим. Шундан сўнг менга субсидия асосида тикувчилик машинаси топширилди. Энди мен ҳам тикувчилик ортидан оиламга моддий наф келтираман.
Албатта, ҳунар ҳунардан унар деб бекорга айтишмайди. Ижтимоий дафтарларга киритилган хотин-қизларга белгиланган тартибда субсидия асосида берилаётган тикув машиналари аёлларимизни бандлигини таъминлаш билан бирга, уларнинг оиласини фаровонлиги учун хизмат қилмоқда.
Аслида “Ёшғайрат” маҳалласида туғилган Барно Алиқулова тақдир тақозоси билан қўшни “Зарбдор” маҳалласига турмушга чиққан. Ҳозирда уч нафар фарзандим бор. Уй рўзғор юмушларидан ортиб, тикувчилик сирларини ўрганишга ҳаракат қилган Барно Алиқулова маҳалланинг ҳоким ёрдамчисининг тавсияси билан субсидия асосида замонавий тикув машинаси берилди.
-Бундай эътибор албатта, ҳаётимга файз киришига мадад бўлди, - дейди Барно Алиқулова. – Ушбу замонавий тикув машинаси ёрдамида миллий ва замонавий либослар тайёрлашга ҳаракат қиламан. Имкониялардан самарали фойдаланиб, ўз брендимни яратишни, тадбиркорлик фаолиятимни кенгайтириб, пишириқчилик, новвойчиликни ҳам йўлга қўймоқчиман.
“Аёллар дафтари” ҳар бир хотин-қизга жамиятда ўз ўрнини топиш, оилада мавқеини мустаҳкамлаш, давлатдан ва ўзидан рози бўлиш имконини берди. Ушбу ижтимоий дафтар хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зеро, ҳар бир аёл ҳаётда ўз ўрнини топишни истайди. Ушбу дафтарга киритилган Мақсуда Ҳайдарова касб-ҳунарга ўқитиш марказида тикувчилик сирларини ўрганиб, сертификат олганига кўп вақт бўлгани йўқ. Тикувчилик сирларини ўрганиб, буюртма асосида замонавий, миллий либосларни қўл машинаси ёрдамида тикиб бераётганди. Энди эса либосларни замонавий тикув машина ёрдамида тайёрлайдиган бўлди.
Субсидия асосида замонавий тикув машинасини топширгани Насиба Ҳайдарованинг қувончига қувонч қўшди.
-Маҳалламизнинг ҳоким ёрдамчиси ва бошқа фаоллари оилавий аҳволимизни ўрганишгач, “Аёллар дафтари”га киритишганди, - дейди Насиба Ҳайдарова. – Оиламиз, фарзандларим учун турли хилдаги либосларни тайёрлаб беришимда ушбу замонавий машина яқиндан ёрдам беради. Қолаверса, оилавий ҳаражатларимиз учун қўни-қўшнилар, маҳалла кўй учун ҳам замонавий ва миллий либослар тайёрлаб беришни йўлга қўйишни мақсад қилдим.
Дарҳақиқат, субсидия асосида берилаётган замонавий машиналар аёлларимизнинг оилаларига фаровонлик келтиришига ишончимиз комил. Зеро, ушбу туҳфалар уларнинг ҳаётига файз барака олиб кирсин.
Нигина ШОЕВА
Журналист.