#Очиқ мулоқот
Мамлакат тараққиёти, жамият ривожи, миллат келажаги учун аёлларимиз ҳам муносиб ҳисса қўшишмоқда. Аёлларимизнинг меҳр-муҳаббати келажагимиз эгалари униб-ўсиши, уларнинг жонажон Ватанимиз равнақи, тинчлиги ва осойишталиги, халқимиз фаровонлиги учун садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар сифатида вояга етишида муҳим роль ўйнайди.
Туманимиздаги маҳаллаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаолларининг иш фаолиятини самарали ташкил этиш, мурожаат ва муаммоларни ҳал этиш тартиб тамойили, жойлардаги аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларни қўллаб қувватлаш борасида сўз юритилган очиқ мулоқотда вилоят ҳокимининг ўринбосари Зулхумор Хидирова, туман ҳокимининг ўринбосари Зулфия Шерова иштирок этди.
-Миллий ва оилавий қадриятларимиз асосини ташкил этадиган вафо ва садоқат, меҳрибонлик, ҳалоллик, ростгўйлик, ибо-ҳаё, поклик, сабр, шукроналик, илмга интилиш каби ноёб ва эзгу фазилатларни тарғиб қилиш, уларни хотин-қизлар онгига сингдириш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир, - дейди очиқ мулоқотда Зулхумор Хидирова. - Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлашдек асосий вазифани бажаришдек масъулиятли ишга бош-қош бўлиш бизга юклатилган. Бу масъулият ва ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилишимиз зарур.
Албатта, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масаласи ўз аксини топган. Ҳукуматимиз томонидан Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, оилавий зўравонликлар олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирларни белгилаб берилган.
Намунали оилаларни шакллантиришда манзилли ишларни йўлга қўйиш, анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни сақлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш борасида туманимиздаги хотин-қизлар фаоллари томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш ишларига кўмаклашиш ҳар битта хотин-қизлар фаолининг асосий мақсадидир. Хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан якка тартибда ишлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан манзилли иш юритиш ҳам жуда муҳимдир.
Умуман, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли амалга оширадиган вазифалар кўп ва масъулиятли. Бу, ўз навбатида, ўзига хос функцияларни бажаришни, зарур ҳолларда тезкорлик, ташаббускорлик, уддабуронлик, топқирлик ва зеҳнни талаб этади. Қолаверса, вазифа ва функцияларини тўлиқ ва сифатли бажариши, фуқаролар билан муносабатларда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши, вазмин бўлиши, баъзан тактик усуллардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиши, фаолияти тақозоси билан ўзига маълум бўлган ахборотларни қатъий сир сақлаш каби мажбуриятларга амал қилиши шарт.
Хотин-қизлар фаоли ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида албатта маълум ҳуқуқларга ҳам эга бўлади. Бу уларнинг ўз фаолиятини тўла-тўкис амалга ошириши ҳамда зиммасига юклатилган вазифаларни адо этишида аҳамият касб этади.
Мазкур тизим билан юртимизда “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади”, деган эзгу ғоя амалий ифодасини топиши, ҳаётимизнинг кундалик қоидасига айланиши муҳим.