"Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент Фармони (ПФ–269-сон, 21.12.2022 й.) қабул қилинди
Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг муҳим шарти ҳисобланган самарали фаолият юритувчи бошқарув тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар амалга оширилди.
Фармонга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Вазирлар Маҳкамасининг таркибий тузилмаларидан мустақил равишда Бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлаш тизими жорий этилди.
Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлими тугатилди.
Давлат органларининг соҳага оид бўлмаган вазифаларини қисқартириш ва фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали уларнинг тузилмаси ўртача 15 фоизга мақбуллаштирилди, шунингдек, 26 та давлат органлари ва ташкилотларида 40 та раҳбар ўринбосарлари лавозимлари қисқартирилди.
Давлат органлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш ҳисобидан бюрократик тўсиқларни қисқартириш ва аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини яхшилаш мақсадида 30 га яқин турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, 70 дан зиёд давлат хизматлари соддалаштирилди, давлат ташкилотлари томонидан 60 дан ортиқ ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди.
«Электрон ҳукумат» тизимининг фойдаланувчилари сони 4 миллиондан ошиб, у орқали давлат идораларининг 130 дан ортиқ ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятлари яратилди. Ягона интерактив давлат хизматлари порталида қарийб 350 турдаги хизматлар онлайн шаклда кўрсатилиши йўлга қўйилди.
Аслида вазирлик ўзи нима? Вазирлик — тегишли соҳаларда ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи, муайян йўналишда ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳамда тизимдаги раҳбарий фаолиятни яккабошчилик асосида ташкил этадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи ҳисобланади. Қўмита эса тегишли соҳа ичидаги тармоқ фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва тартибга солувчи ҳамда тизимдаги раҳбарий фаолиятни коллегиал асосда ташкил этадиган, шунингдек, вазирликнинг ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи.
Асосий вазифаси сифатида тегишли соҳада давлат хизматларини кўрсатиш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқни қўллаш функцияларини амалга оширувчи, шунингдек, вазирлик ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи агентлик номи билан юритилади. Тегишли соҳа ва тармоқларда давлат назорати ва текширувни амалга оширувчи, шунингдек, вазирлик ташкилий бўйсунувида фаолият юритадиган республика ижро этувчи ҳокимият органи эса инспекция деб аталади.
✍???? Режабгул Гулматова
Туман ФХДЁ бўлими мудираси